Носиржон ЖЎРАЕВ ижодига мансуб 📝 Шеърлар 🎙 Аудиолар 🎶 Мусиқалар 🎬 Кўрсатувлар t.me/Ijodiydavra
#ЯНГИ_ШЕЪР
* * *
Биз ишқ ичра бир ёнгандик, учқуни
Кўкларга сачратқи юлдуз бўлганди.
Милён йил осмонлар кўтарди шуни –
Милён парча бўлган кўҳна гулханни.
Бир ёмғирдан кейин тасодиф униб,
Бир қуёш қиздиргач сўлган гиёҳдек
Ўткинчи дард учун мағрур ва кулиб
Ўлсак бўлмасмиди бир авлиёдек.
Энди тақдир қарамайди раъйингга –
Ҳар қанча кўнглингга суюк бўлмасин,
Ўзга шамол лаб босган манглайингга
Менинг исмим ортиқча юк бўлмасин!
6.07.2024.
✍ Носиржон ЖЎРАЕВ
👉 https://www.facebook.com/share/Wsf6FqKEWrV7ch82/?mibextid=oFDknk
👉 /channel/Nosirjon_Jorayev
* * *
Ҳаёт беаёв даргоҳ –
Болам қийналмасин деб
Бирон ғирром шарт билан,
Ота уйга ё ногоҳ
Ғам соя солмасин деб,
Курашаман вақт билан.
Баҳордан то кузгача,
Яъни гул-хазон аро
Тобландиму дард билан,
Минг афсуски, сизгача
(Йиллаб кутдингиз зеро!)
Боролмадим бахт билан...
📆1.07.2023
✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ
* * *
Бошимга ўй бўлди, юракка зарба,
Елкамни чўктирди – ушбу юк нега?
Гоҳ исён қилдим-у (тавба дей, тавба),
Қарши боролмадим Аллоҳ ҳукмига.
Кўнмасдим бўғзимга турсаям тақаб
Ҳаёт қиличини – ишқсиз ўлмасдим.
Сени ҳам бунчалар севмасдим, фақат
Аллоҳ буюрди, мен йўқ деёлмасдим.
22.06.2023.
Носиржон ЖЎРАЕВ
#ЯНГИ_ШЕЪР
* * *
Юрт деб куйламоқмас,
Юрт деб куймоқдир,
Чекингга тушса, шу – одамлик шарти,
Бирга хўрсинмоқдир элнинг ёнида –
Аввалроқ қанотлар ўсиб чиқарди,
Елкамда шунча қарз бўлмаганида.
Болам, сенга тушса Ватаннинг дарди,
Жажжи қанотингни ечиб улоқтир!
Токи юртинг келиб суянганида
Халақит бермасин бу қанотларинг...
Онанг келбатингга суюнганида,
Ўткир тиғ бўлганда сабза хатларинг,
Унутма, манглайинг шунчалар оқдир –
Унда Аллоҳ билан Ватан бор холос...
Бошқа майдаларга қилмагин ихлос!
Ахир мен ҳаётнинг хашак ғамларин
Сенга қолдирмасдан яшаб бераман,
Ахир қирқ йил кучни нега жамладим,
Мен сенга оқ йўллар ясаб бераман.
Ёнингда, сўнг ёдда бўлган дамларим
Сен яшаб берсанг бас орзуимга мос,
Шу тўрт сатр,
бошқа ўтинчим йўқдир!
Болам, отанг шоир ва ор,
Шулар учун ваъданг бўлсин!
Юрагингда Парвардигор,
Пешонангда Ватан бўлсин!
3.06.2024.
✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ
👉 /channel/Nosirjon_Jorayev
Сочим сал оқарди, манглай сал тириш,
Бироқ чеҳрамдаги табассум ўша.
Шартмас изтиробни изоҳлаб туриш,
Худо синов берган бир мавсум ўша.
Не керак эътироз, эътироф ўрни,
Пушмон даласидан ким ҳам наф ўрди?
Муҳаббат ҳақида энг кўп лоф урди –
Юрагим воз кечди, ҳайф мавзум ўша.
Дуо ҳам, қарғиш ҳам йўқотди кучин,
Севги ҳам, нафрат ҳам арзиган учун!
Эй ҳаёт, мен сени тушундим, тушун,
Тириклик – энг гўзал маросим ўша!
✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ
📔 АКСИНЧА
#ТУҒИЛГАН_КУН
Бугун 22 май – Наманган фарзанди, каналимиз яратилишига сабабчи бўлган ва унинг юритилишида катта ҳисса қўшаётган устозимиз шоир, носир, таржимон, публицист, журналист, кўп қиррали ижодкор Носиржон ЖЎРАЕВнинг туғилган кунлари.
Умрнинг 40 синовидан енгилмай, йиқилмай ўтган Устозимизни каналимиз аъзолари ва шогирдлари номидан чин дилдан табриклаймиз.
° ° °
Энг мухтасар таржимаи ҳолим — ишқ,
Ҳеч таржима қилиб бўлмас ҳолим ишқ.
Ҳар ким шарҳлар бўлди қисмат хатимни,
Фарқламай севгию хизмат хатимни.
Ким кўзимда мунг кўрдию сесканди,
Бу мунг ҳечам кетмаслигин сезганди.
Менга — ҳаёт чархлаб қўйган қиличга —
Худо йўл қўймас қўрқоқлик қилишга.
Хаёлимни ўйлаганлар, ташаккур,
Ҳаётимни ўйнаганлар, ташаккур.
Севги. Висол. Ҳижрон. Умр йўлим шу
Бўлди. Қисқа таржимаи ҳолим шу.
✍ Носиржон ЖЎРАЕВ
📖 "АКСИНЧА"
#Фонотекага
МУҲАББАТ
Пешонамга омоч тортади кунлар,
Кўзимда милтиллаб сўнар учқунлар.
Теранлашган сайин манглайимда хат,
Тобора олислаб борар муҳаббат.
Шунча йил ёнимда юрган дўст эди,
Қалбингга қўшилиб тезроқ ўс, деди.
Мени улғайтирган, одам қилган дард —
Тобора олислаб борар муҳаббат.
Тиниқ тортган сари ақлу шуурим,
Мазмунин йўқотиб боряпти умрим.
Менинг зараримга ўйин қилар вақт,
Тобора олислаб борар муҳаббат.
Кеча умримга ранг қўшилган эди,
Қадам товушим ҳам қўшиқдай эди.
Энди ноёб-ноёб кўксимда ҳайрат,
Тобора олислаб борар муҳаббат.
Баралла айтгани ҳасрат-оҳимни,
Бўғзимдан бўшатдим бўйинбоғимни.
Одамдай яшашга келганда навбат,
Тобора олислаб борар муҳаббат.
Юзимнинг нурини шимириб ҳаёт,
Яшар қучоғимда семириб ҳаёт.
Мени шу азобга солиб тоабад,
Тобора олислаб борар муҳаббат.
⤵️⤵️⤵️
/channel/Nosirjon_Jorayev
ХХ АСР. ШАВКАТ РАҲМОН
Худонинг кўзида турибди ҳар иш –
Мумкинмас бир он ҳам риёга чалғиш.
“Онажон Ватан!” деб, Ватандан олқиш
Кутиб ўсганлардан шоир чиқмагай.
Гарчи Навоийни чандон ўқиган...
Талтайиб суянар Ернинг ўқига.
“Онажон халқим!” деб, халқнинг юкига
Елка қисганлардан шоир чиқмагай.
Туркий ҳусну кўрки тилим-тилимдир –
Қамиш шимган каби тилим тилинди.
“Онажон тилим!” деб, она тилимни
Атай кесганлардан шоир чиқмагай.
Акалар! Укалар! Мен-ку энди йўқ.
Аммо бу Ватан ва халқнинг тенги йўқ!
Айтиши керак-ку кимдир – менми-йўқ...
Ғафлат босганлардан шоир чиқмагай.
✍ Носиржон ЖЎРАЕВ
* * *
Кўк қиличдек чархлар чақмоқларини,
Сўнг сермар қонимга чанқоқларини.
Мен шу осмонларга бошимни бердим,
Ҳис қилиб тириклик чарчоқларини.
Гул-япроқ деганим тупроқ бўлдилар,
Қанча сочган сарим тўпроқ бўлдилар.
Мен шу ёлғонларга бошимни бердим,
Бошимда тупроқлар кўпроқ бўлдилар.
Ҳувиллаган шаҳар, қартайган қишлоқ,
Икки манзилим ҳам бугун хомушроқ.
Мен шу маконларга бошимни бердим,
Билмадим, қай бирин дийдаси бўшроқ.
Кун бўйи дунёдан, тунлар Худодан
Бахт сўраш илмини олдим гадодан.
Мен шу армонларга бошимни бердим,
Қайта келмоқчиман ҳув ибтидодан.
#Янги_шеър
* * *
Гулин тўкиб бўлган настарин ёки
Оҳорин йўқотган баҳор сингари
Муҳаббатнинг ранги ўчди, ҳаттоки
Ўтди ҳайратларга муносиблари!
Оҳанглар пасайди, аланга сўнди,
Ўйга толган бошим ойдек оғирдир.
Юрагим ҳасратдан санчиса энди,
Илгари фақат ишқ сабаб оғрирди!
Бир калима каби ёд эди исминг,
Шу калом боиси мулло бўлгандим.
Ўзга бир ўчоққа отдингу жисминг,
Сен олов ичраю, мен ёмон ёндим.
Гарчи кўзларингда муҳташам ҳаёт,
Оҳори тўкилган баҳор сингари
Ишқсиз ва ўзингни қилиб эҳтиёт
Яшаб бораяпсан ёлғизлик сари.
Мен эса калима қайтариб ўтдим…
#Айём_муборак
ҲАЙИТ
Бу кун ҳар мўминга зарраи эъзоз,
Бу кун қадр топди курраи замин.
Кўнгилда айланар сураи ихлос,
Илоҳо омин, илоҳо омин.
Ҳар битта хонақо, ҳар битта ҳужра...
Ниятлар жам бўлди жойнамоз узра.
Бугун йиғлаш мумкин хаёлни бузмай,
Илоҳо омин, илоҳо омин.
Ўйинқароқ, яланг-юпун болалар,
Юзида гарди йўқ дуркун болалар,
Асли сиз ҳаммадан мўмин, болалар,
Илоҳо омин, илоҳо омин.
Иймон танламайди гадо деб, шоҳ деб —
Гина сақламанг, дўст, эски бир доғ деб.
Қўлимни узатдим раҳматуллоҳ деб,
Илоҳо омин, илоҳо омин.
#ЭСЛАТМА
Мазкур кўрсатувни кеча, яъни 28 мартдан эфирга узатиш бошланди. 4 кун давомида соат 14:10 дан – 16:00 гача томоша қилишингиз мумкин.
👉@Nosirjon_Jorayev
ДИЙДОР
Қуёшни айланиб йил ўтказдик биз,
Ерни айлантириб ўтказдик кунни.
Қандай хушхабар бор бизларга, Наврўз,
Бобомни жаннатда кўрганинг чинми?!
Оппоқ ҳовур пуркаб келди бир тулпор,
Келди-ю депсиниб ерни уйғотди.
Сенинг юрагингда нима гап, баҳор,
Сенга етолмасдан яна ким ўтди?!
Қаҳратон қадами шунчалар майда,
Йиқилган кўп бўлди, толган кўп бўлди.
Менга дардингни ёр, титраган майса,
Қайси бир мозорга борган кўп бўлди?
Барин била туриб сўраш телбалик,
Бўлак ниманиям айтайин, кўклам.
Аслида, кўнглимда бошқа бир ҳадик —
Ҳали хушхабарлар бормикан кўкдан?
Муҳаббатдан сўнг
Читать полностью…
Ассалому алайкум, азиз ҳамюртлар! Кириб келган Рамазон ойи барчангизга қутлуғ бўлсин.
Нафақат ёшлар, балки 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган китобсеварларни ўз бағрига чорлаган "Ёш китобхон" танловидан хабарингиз бор. Танловнинг финал босқичлари бугундан бошлаб "Ёшлар" телеканалида эфирга узатилади.Кўришни тавсия этамиз
😊
Билганларимизни такрорлаш, билмаганларимизни ўрганиш, ўрганганларимизни синаб кўриш учун яхши имконият.
#ЯНГИ_ШЕЪР
* * *
Асли, бу руҳимни тупроққа қордим,
Гоҳо тақдирга ҳам исён керакдир.
Ахир тоғлар хорлик истамай ортиқ,
Яратганга қараб ўсган юракдир!
Асли, кўнгил – набий, асли ишқ – худо,
Мени ожиз қилди ғафлат уйқуси.
Ахир уммон – Ҳақни кўрмоқ ишқида
Осмонга термулган валийнинг кўзи.
Асли, майда ҳашам ва майда ҳаёт
Лойимни сополга тенглаб қўймай то,
Руҳимни синдирмай, қилиб эҳтиёт,
Шу санъат ҳолимда чақирсин Худо!
📆3.07.2024.
✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ
#ЯНГИ_ШЕЪР
* * *
Шундай лаҳза бўлса,
Ерга қадаб кўз
Дардингни ичингга ютиб кетмасанг!
Шундай ларза бўлса,
Қўймаса номус –
Йиқилгач, ўзингни тутиб кетмасанг!
Юртнинг ёш ва нимжон бешикларига
Елка тутиб борсанг
Бек бўлгунча то,
Эгилган бошлар ҳам тик бўлгунча то
Нариги дунёнинг эшикларига
Суяниб турсанг-у, ўтиб кетмасанг!
📆 24.06.2024
✍ Носиржон ЖЎРАЕВ
#ЯНГИ_ШЕЪР***
Тунлар ўрмалайди
кўксимда ғашлик,
Қонимга қўшилиб айланар оғриқ.
Кўкка тегишлими,
ерга қарашли –
Билмадим,
ичимда не ғам ўроғлиқ!
Ортга йўл қолмаган,
олдга ҳафсала,
Бир эпкин юрмаган даштдек
турғунман.
Уйғонмоқ истайман
ахир ҳар сафар
Исёнга ўхшаган жиддий туйғудан!
11.06.2024.
✍ Носиржон ЖЎРАЕВ
👉 https://www.facebook.com/share/p/gniaDrj4eQp8Zpjk/?mibextid=oFDknk
👉 /channel/Nosirjon_Jorayev
Бахт – бу нима қилишинг кераклигини билишдир
° ° °
Қўлим чўзсам, дегайларки,
бу гул нозик, бу гул нозик,
Бу гул ҳақда хаёл этмоқ
бу гулдан ҳам тугул нозик.
Не бир мушкул ипи бирла
дилимни боғлади бу гул,
Магар ечмоққа қасд этсам,
ҳама банди чигил нозик.
Юзимга сув уриб лолман,
яна бошга сочиб тупроқ,
Бўлурму деб наҳот шунча
азалда обигил нозик.
Магар кўргансан оламда
тугал нозик юмушларни,
Аё шоир, бу гул ҳақда
десанг ҳам не дегил нозик.
Омонат турса-да жоним
ажаб нозик замонларда,
Қўлим чўзмай десам гулга,
кўнгул нозик, кўнгул нозик.
28.07.2021
✍Носиржон ЖЎРАЕВ
/channel/Nosirjon_Jorayev
#ЯНГИ_ШЕЪР
* * *
Дунё бир айланди қирқ йил ичида,
Исёнлар ўрнига таскинлар қолди.
Бешафқат қонунлар ҳамон кучида –
Руҳимни қантарган тизгинлар қолди.
Чўкиб бораётган шу жуфт елкамда,
Мен мудом унутиб юрганим камдай,
Ҳамиша бир ўзим азоб чеккан дам
Иккита фариштам – эзгинлар қолди.
Йўл юрдим, қуёшни ёқдим йўл бўйи,
Жонимга қатра нур қидирган кўйи,
Қалбим бир титради – Худонинг уйи,
Киборлар синдию мискинлар қолди.
Ё кўз ёш, ё шеърга айланса эди
Дардларим, юрагим бўшагаймиди,
Димоғимда бунча хазонлар ҳиди,
Наҳот кузга қадар оз кунлар қолди!
Бешафқат қонунлар ҳамон кучида...
21.05.2024.
✍ Носиржон ЖЎРАЕВ
👉 https://www.facebook.com/share/p/d3gLD3FVoyqkqnSq/?mibextid=oFDknk
👉 /channel/Nosirjon_Jorayev
° ° °
Ватандан олисда Ватаннинг ҳар бир
Нуқтаси худдики жаннат кўрингай.
Бошда ўйнаб турса қиличлар зарби,
Мағрур яшаб бермоқ санъат кўрингай.
Ҳеч ишим қолмади бандаларида,
Умидим – Тангримнинг ваъдаларида.
Кулсам ҳам, кўзимнинг пардаларида
Мангу муҳрланган ҳасрат кўрингай.
Тобора юзларим ёруғ, кўнгил оқ,
Тобора вужудим тортар енгилроқ,
Аллоҳ, мунча яхши сенга енгилмоқ,
Сенга бош эгмоқда раҳмат кўрингай.
Икки ютум нафас, тўрт томчи қонни,
Шулар ташкил қилган ҳилвироқ жонни
Бериб бир бой қилай десам Ватанни,
Ватаннинг ўзи бир давлат кўрингай.
✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ
📖 "АКСИНЧА"
XX АСР. ЧЎЛПОН
Тулпорлар унутди тулпорлигини,
Қиличлар мудрайди мозийгоҳларда
Ҳаётда бир қутлуғ йўл борлигини
Ботирлар ўйламай қўйган чоғларда.
Қарсакдан кафтлари қаварар элнинг
Саҳнага чиққанда сур билан суллоҳ,
Нима фарқи қолар бўй билан эннинг,
Бош билан оёқнинг, астағфируллоҳ!
Фақат икки ҳолда кўзлари билан
Сўзлаша бошлайди юртда одамлар,
Бири – илм ортса, уйғонса миллат,
Бири – зулм ортса, улғайса ғамлар.
Шамол чайир қилар ниҳол боғларни,
Сувларнинг зарбида қайралар тошлар.
Томоғим куйдириб ўтган оҳларнинг
Ўтидан шеърларим гуриллай бошлар.
Мен ҳам келажакка бормоқ истардим,
Эй, Ватан олдида ҳозиржавоблар,
Сизларга улканлик қилади дардим,
Мени маъзур тутинг, жаноблар!
📆 08.08.2022
✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ
* * *
Чарм креслога вужудим ботиб,
Оқ, енгил қанотлар ҳақда ўйлайман.
Ҳеч қачон қўймаган ақлин йўқотиб
Ва қалби ҳаётлар ҳақда ўйлайман.
Жанговар руҳимни муте ва синиқ
Қилмоққа уринган ишлар ўлдирди!
Гарчи ниҳояси дард ва хўрсиниқ,
Юракда ўйнаган ишқлар ўлдирди!
Бу ҳасрат йўқмиди мендан олдин ҳам,
Минг йиллик фарёдлар ҳақда ўйлайман.
Умримни ютқазиб боряпман мен ҳам,
Ҳақ олдида мотлар ҳақда ўйлайман.
Ҳаётга нима ғам – у ўз ҳолича
Боғларни баҳору гулларга кўмди.
Олам яшнаётган шундай бир кеча
Онам ночор, унсиз нурашга кўнди.
Тавба-ю, оҳларим етмасмикин деб,
Келмаган имдодлар ҳақда ўйлайман.
Кўзимдан тирқираб кетмасмикин деб,
Кўксимдаги додлар ҳақда ўйлайман.
@Nosirjon_Jorayev
ЁПИҚ ЭШИКЛАР ҲАҚИДА ШЕЪР
Уйғонаман.
(Тонг отди бахтсиз!)
Руҳда ҳамон ёлғизлик, танглик.
Сен борсану олиссан, тафтсиз –
Декабрнинг қуёши янглиғ.
Оқиб ётар қонимда муздек
Янги йилни бошлаган январь.
Сен борсану хизматкор қиздек
Бир ёт уйда дамлайсан қаҳва.
Кир чаясан.
Уй супурасан.
Кун кўрасан эрингни севмай
Ва мен ҳақда ўйлаб юрасан...
Ташқарида эрийди февраль.
Иккимизнинг хаёлимиз бир,
Бир хил тепар юрагимиз ҳам.
Агар эшик очсакми ҳозир,
Ичкарига ёприлар кўклам.
Аммо...
Биз қўрқамиз баҳордан,
Остонада тугаб қолар йўл.
Ўзимизни алдаган ҳолда
Эшик томон узатмаймиз қўл.
✍ Носиржон ЖЎРАЕВ
📖 Шарҳ
@Nosirjon_Jorayev
Мурожаат учун👉👉👉@Nosirjon_Jorayevga_bot
* * *
Саҳро кенгайдими, тоғлар ўсдими,
Қудрат касб этдими дунё бу қадар,
Ҳаёт менга қарши тартиб туздими –
Нега руҳим бунча кичрайиб борар!
Кўксимда қоришди исён-нидо ҳам,
Томирларим аро ҳорғинлик кезди.
Ахир осмондан тош ёққанида ҳам
Чўкмаган елкамни майда ғам эзди.
Ёлғиз ўзинг қолдинг ахир ишонган,
Мени тик юришдан толдирма, Худо.
Қачондир фақат ўт чақнатиб ёнган
Кўзимга кўзёшлар тўлдирма, Худо!
Нега руҳим бунча кичрайиб борар!
#Янги_шеър
* * *
Навбат менга етди!
Мен шеър ўқийман!
Урушни, қирғинни сураман четга!
Қалбга сиёсатмас, соламан иймон,
Қўлимни ғажитиб қўймайман итга!
Дунёга шеър бўлиб боқаман тикка,
Аяб ўтирмайман силлиқ бошларни!
Ахир қўштирноқлар ичра жимликка
Менинг юрагимда исён бошланди!
Дарвоқе, Ҳаллож йўқ!
Машраб, Чўлпон йўқ!
Навбат менга етди – мен шеър ўқийман!
* * *
Гулу хасниям ўз эрки бор, жаноб,
Тангрининг ҳукмида – неки бор, жаноб,
Эй лўттивоз жаноб, эй кибор жаноб,
Ахир сиздан сўраб келмайди баҳор!
Умримиз зах эди қор ва кўз ёшдан,
Не-не қаҳратонлар кечмади бошдан,
Кўзингиз қамашиб кетсин қуёшдан,
Ниҳоят толедек жилмайди баҳор!
Биллур кўзойнакни артиб, бир боқинг,
Ҳужжатларга сиғмас тартиб, бир боқинг –
Ўйлайсиз имзомга зор деб, бир боқинг,
Ҳатто бор-йўғингиз билмайди баҳор.
Гарчи бўғзим узра бўйинбоғ таранг,
Аммо моғор босган ҳисга боғламанг,
Сиз қанча уринманг, қанча хоҳламанг,
Менинг юрагимда ўлмайди баҳор!
Байрам кунлари – агар бор бўлса, ота-онангизни зиёрат қилинг!
@Nosirjon_Jorayev
@Nosirjon_Jorayev
Гул очилар...
Оддий ҳол.
Баҳор келди, ёз келди.
Нур сочилар
Бемалол,
Бу ҳам шунга мос келди.
Ариқларда сув –
Ҳаёт –
Лойқаланган. Оддий ҳол.
Шундан сув ичар
Наҳот
Ҳеч бир айби йўқ ниҳол?!
✍ Носиржон
Ж
ЎРАЕВ
📖 Шарҳ
⤵️⤵️⤵️
/channel/Nosirjon_Jorayev