@arabicuz_nahv (nahv-sarf kanal) @arabicuz (hikmat-kanal) @arabicuz_matn (hikmat-matnli kanal) @arabicuz_bot (hikmat-bot) - arabic.uz hikmatlari @arabicuz_nahv_hikmat (sharhli hikmat)
2846. Бир ўйлаб кўринг!
Бир киши дорулфанодан дорулбақога риҳлат қилиб, дунёдан охиратга етиб боргач, у ердан бизга васият юборса, бу васият нақадар муҳим бўлишини биласизми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад! Мендан умматингга салом айт. Уларга айтгинки, жаннатнинг тупроғи покиза, суви чучук, ерлари текис экан, экинлари эса «Субҳаналлоҳ, валҳамдулиллаҳ, ва лаа илааҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар» экан», дедилар.
Иброҳим алайҳиссалом бизга жаннат ҳақида хабар бермоқдалар. Аммо булар – бу дунёдан ўтган одамнинг сўзларидир. У зот жаннатнинг ери покизи ва муборак, сувлари чучук ва ёқимли, ери эса теп-текис эканини айтяптилар. Нега теп текис? Чунки мўмин одам у ерга «Субҳаналлоҳ, валҳамдулиллаҳ, ва лаа илааҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар», дейиш билан экин экиши мумкин экан!
Бир ўйлаб кўринг!
Сиз ҳам дўстларингизга «Субҳаналлоҳ, валҳамдулиллаҳ, ва лаа илааҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар» лафзининг фазилатларини етказиб, уларни кўп айтишга тарғиб қилсангиз-у, улар ҳар гал бу лафзларни айтганда уларга ҳам, сизга ҳам жаннатда бир дарахт экилса!
«Саҳиҳи Муслим»да: «Яхшиликка йўллаган одамга ўша яхшиликни қилган одамнинг савобидек ажр ёзилади», дейилган.
Ухлаётган, овқат еяётган ёки ишлаб ўтирган бўлсангиз-у, кимларнидир яхшиликка йўллаб қўйганингиз учун Аллоҳ жаннатда сиз учун бир дарахт экиб турса қандай яхши!
Зикрлар борасида ҳушёр бўлайлик!
@arabicuz
2844. Агар, сенга нисбатан ҳасад қилувчилар кўпайса, билиб қўй! Сен ютуққа эришувчи кимсалардан экансан!
Ҳасадчилар ҳаддан кўпайиб кетди,
Бобо, қўрқитяпти мени бу шовқин...
Болам, ҳасадчилар қанча кўпайса,
Демак, сен ютуққа шунчалар яқин!
@arabicuz
2842. Шуъайб алайҳиссалом қавмларига: «Роббингизга истиғфор айтинглар», дедилар (Ҳуд сураси, 90 оят).
Ҳуд алайҳиссалом ҳам «Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг», дедилар (Ҳуд сураси, 52 оят).
Нуҳ алайҳиссалом ҳам «Роббингизга истиғфор айтинг, албатта У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир», дедилар (Нуҳ сураси, 10 оят).
Аллоҳ яратган барча махлуқотлар ичида У Зотни энг яхши танийдиган зотлар – пайғамбарлар дардларингга давони тавсия қилишмоқда!
@arabicuz
2840. Сенинг айбингни яширмайдиган, сени ғийбат қилишганда бундан қайтармайдиган кишининг дўстлигида яхшилик йўқ.
Фазилат – либос билан безанишда эмас, тўғрилик билан зийнатланишдадир.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz
2838. Аллоҳ таоло Ўзининг розилиги йўлидаги чала-ярим амални ҳам қабул қилаверади, лекин чала-ярим ниятни қабул қилмайди. Шундай экан, қалбингни У Зотга батамом холис қил ёки тўлиқ рад қил!
Муҳаммад Ғаззолий
@arabicuz
2836. Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтадилар:
Муаллим ва табибнинг
Ҳурматин билмасанг гар,
Нима деймиз, шу бир гап –
Икки дунё таъзирлан:
Табибни хор қилсанг сен,
Рози бўл беморликка,
Устозни хор айласанг,
Жоҳилликка ҳозирлан!
@arabicuz
2834. Ҳакимлардан бири шундай деган экан: «Баъзан кимдир ўзи қилмаган ишни сенга тавсия қилса, бунга таажжуб қилма. Бу бир бирига зид нарса эмас. У ўзи қила олмаган ишдаги яхшиликни сенга раво кўрмоқда, холос».
@arabicuz
2832. «Мен хато қилдим, сен ҳақсан!»
Мана шу сўз билан тортишув тугаб, ортидан муваффақиятли осойишталик ва хотиржамлик юзага келади.
@arabicuz
2830. Шеър:
Оҳ, менга замонам бўлди бегона,
Сабримни ҳис қилмай улашди жабр.
Тунни кунга улаб улашди бало,
Лек менинг тунимни безади Сабр!!!
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz
2828. Одамлар наздида ким эканинг муҳим эмас, Аллоҳ ҳузурида ким эканинг муҳим!
Масалан, айрим одамлар Иброҳим алайҳиссалом ҳақида: «(Худоларимизни) айблаб юрадиган Иброҳим деган йигитни эшитгандик», дейишган (Анбиё сураси, 60 оят). Аллоҳ эса Иброҳим алайҳиссаломни: «Иброҳим Аллоҳга итоат қилгувчи, ҳақ йўлдан тойилмаган бир пешво-имом эди», деган (Наҳл сураси, 120 оят).
Эътибор беринг! Одамлар «қандайдир Иброҳим деган йигит» деб, беписандлик билан гапиришяпти. Аллоҳ эса у зотни «ҳақ йўлдан тойилмаган пешво, имом» деб, юксак баҳоламоқда.
@arabicuz
2826. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очганларида: «Заҳабаз-зомау вабталлатил урууқ, ва сабатал ажру, иншааллоҳу таъаалаа» (Чанқоқлик кетди, томирлар ҳўлланди. Иншааллоҳ, ажр ҳам собит бўлди) дер эдилар».
Абу Довуд ва Насаий ривояти
@arabicuz
2824. Аллоҳга итоат қилиб турганингда Аллоҳ сени (неъматлардан) маҳрум қилиши хавфли эмас. Аммо осийлик қилиб турганингда ҳам неъмат беравериши хатарлидир!
«Уларни ўзлари билмайдиган, сезмайдиган томондан аста-секин (ҳалокатга дучор қилажакмиз)!» (Қалам сураси, 44 оят).
@arabicuz
2822. Йиллик маошларингдан йиғиб, бу дунё ҳаёти учун ҳовли қурасан.
Аллоҳ эса ўқиган равотиб суннатларингни йиғиб, сенга жаннатда бир уй қуради
(Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракат ихтиёрий намоз ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй қуриб беради», деганлар. Умму Ҳабиба: «Шундан бери уларни доимо ўқиб келаман», деган».
Имом Муслим ва бошқалар ривояти.
Имом Термизийнинг ривоятида: «Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракъат, шомдан кейин икки ракъат, хуфтондан ке¬йин икки ракъат, бомдоддан олдин икки ракъат» деб қўшимча қилинган.
Изоҳ: Фарз намозларидан кейин ўқиладиган суннат намозлар фарз намоздаги баъзи қусур ва камчиликларнинг ўрнини тўлдирувчи вазифасини ўтайди. Шунинг учун ҳам шариатда бу намозларни равотиб ёки «мукаммилот» (тўлдирувчилар) деб аталади.
@arabicuz
2820. Мукаммал самимият – ислоҳга буюришдир. Энг хунук хиёнат – ёмонлик қилишга маслаҳат беришдир. Қўлидагини сақлай олган, бугунги ишни эртага қўймайдиган киши ҳақиқий собит кишидир.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz
2818. Душманнинг найзаси жасадни, дўстнинг найзаси эса қалбни қонга белайди.
@arabicuz
2845. Интиқомга шошилиш пасткашларга хос хусусиятдир. Энг яхши дўст – замон турли рангга кириб, ўзгариб турса ҳам доим бир хил рангда турадиган, ўзгармайдиган дўстдир. Фойда берадиган кумуш танга қулатадиган тилло тангадан яхшидир.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz
2843. Кўзни (номаҳрамларга) қаратишчалик бандага зарарли нарса йўқ, чунки бунинг оқибатида банда билан Робби орасида ғашлик юзага келади.
@arabicuz
2841. Эҳтимол, зулм қилиш орқали ўзинг истаган нарсани қўлга киритарсан. Лекин, битта мазлумнинг дуоси билан барча эга бўлган нарсангни қўлдан бой берасан!
Ўзингча зулминг-ла киритдинг қўлга
Барча истакларинг, зўр савлатингдан.
Вале бир мазлумнинг дуоси билан
Ранжима, айрилсанг бор давлатингдан!
@arabicuz
2839. Инсон унинг бошига тушган муаммодан эмас, балки ўша муаммо ҳақида кўп ўйлайверганидан тушкунлик ва умидсизликка тушиб қолади.
@arabicuz
2837. Севган кишинг ҳаёт билан видолашиб, унинг қабрига бир сиқим тупроқ сочгач, дунёнинг арзимас нарса эканини, унда ҳеч ким боқий эмаслигини тушуниб етасан. Умримизни қисқартириб бораётган кунларнинг асло қайтмаслигини жуда яхши биламиз. Шундай экан, ўзинг учун Қуръондан кундалик вирдларни (вазифаларни) одат қилгин ва уларни қандай қилиб бўлса ҳам асло тарк қилма. Ҳар куни, ҳар дам тасбеҳ, истиғфор, таҳлил («Лаа илааҳа иллаллоҳ») айтиш билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш билан машғул бўл.
Унутма: жаннатийлар ҳеч бир иш учун Аллоҳни зикр қилмаган пайтларига ачинганидек надомат чекишмайди.
Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ
@arabicuz
2835. Шеър:
Ҳаммада мақсад бор ва ҳамма ўша мақсадига етиш учун интилади.
Озод инсоннинг мақсади эса юксакликка етиш, у фақат шуни мақсад қилади.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz
2833. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким биродари билан бир йил аразлашиб юрса, унинг қонини тўккан билан баробардир».
Абу Довуд ривояти
@arabicuz
2831. Ҳаётимнинг дастлабки даврида отам билан бирга яшадим. Ўша пайтларда отамдан ажралиб қолишимни, усиз яшашимни тасаввур қила олмас эдим. Отам вафот қилдилар... Кейин ака укаларим билан бирга яшадим. Аммо улардан ҳам ажралмасам керак, деб ўйладим. Улар оилали бўлишгач, ҳар бири ўз оиласи билан яшай бошлади. Ўзим ҳам оила қурдим, фарзандлар кўрдим. Улардан ажралсам, яшай олмасам керак, деб ўйладим. Улар ҳам оилали бўлиб, ўз йўлларида давом этишди. Шундан сўнг билдимки, инсон Робби билангина доим бирга қолар экан. Барча ришталар узилар экан, фақат оламларнинг Робби Аллоҳга боғлиқлик қолар экан, холос!
Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ
@arabicuz
2829. Илгари энг гўзал лаҳзаларни суратга туширмасдик, аммо ўша лаҳзаларнинг лаззатини туяр эдик, ўша лаҳзаларда ҳаёт бор эди. Бугунги кунда эса, ўша гўзал лаҳзада яшамасак да, гўзал суратларга туширмоқдамиз!
@arabicuz
2827. Аллоҳ таоло: «Албатта, қилиб юрган амалларингиздан сўралурсиз», деган (Наҳл сураси, 93-оят).
Охиратда чиройли жавоб бериш учун нафсингизни дунё ва охиратда манфаат берадиган амалга машғул қилинг!
@arabicuz
2825. Ношукрлик қилган бўлса ҳам дўстингдан узилма. Шукр қилаётган бўлса ҳам душманингга суянма. Қанчадан-қанча юз ўгириладиган олимлар бор, қанчадан-қанча қулоқ тутиладиган жоҳиллар бор.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz
2823. Бу суратни ўсиб келаётган авлодларда дуч келинадиган муаммонинг нақадар аянчли эканини кўриш учун қўйдик!
@arabicuz
2821. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Убоданикига ифторлик қилгани бордилар. Мезбон дастурхонга нон ва ёғ қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан тановул қилиб, сўнг: «Афторо ъиндакумус-соимуун, ва акала тоъаамакумул-аброр, ва соллат ъалайкумул-малааика» (Уйингизда рўзадорлар ифтор қилишди, таомингизни яхшилар еди, сизларга фаришталар саловот айтди) дедилар.
«Уйингизда рўзадорлар ифтор қилсин, таомингизни яхшилар есин, сизларга фаришталар саловот айтсин» эмасми?
Абу Довуд ривояти
@arabicuz
2819. Бир ҳаким зот ўғлига шундай насиҳат қилди: «Ўғлим! Хурсанд пайтингда дунёдан, унинг ўзгариб қолишидан хотиржам бўлма! Қийин ҳолатда эса Аллоҳнинг раҳматидан ҳам ноумид бўлма! Васатий – мўътадил бўл!»
@arabicuz
2817. Кемани сув ичида кўриш табиий ҳол. Лекин сувни кема ичида кўриш хавфлидир.
Сен ҳам дунёнинг қалбида бўлавер, аммо зинҳор қалбингга дунёни киритиб олма!
@arabicuz