@arabicuz_nahv (nahv-sarf kanal) @arabicuz (hikmat-kanal) @arabicuz_matn (hikmat-matnli kanal) @arabicuz_bot (hikmat-bot) - arabic.uz hikmatlari @arabicuz_nahv_hikmat (sharhli hikmat)
2757. Ким бирор нарсага фурсатидан аввал шошилса, ўша нарсадан маҳрум бўлиш ила жазоланади!
@arabicuz
2755. Давлатларнинг заволи турли пасткашликлар авж олиши билан юзага келади. Ғафлати узоқ кишининг давлати қўлдан кетади. Тадбир билан қўлга кирган оз нарса исроф билан эгалланган кўп нарсадан яхшироқдир.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz
2753. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар:
Банданинг ибодати заиф бўлса ҳам, яхши хулқи билан охиратдаги (баланд) даражаларга етишади. Банданинг ибодати кучли бўлса ҳам, ёмон хулқи билан жаҳаннамнинг энг тубига тушади.
@arabicuz
2751. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам момақалдироқ ёки гумбурлаган чақмоқ овозини эшитсалар, «Аллоҳумма, лаа тақтулнаа биғодобик, ва лаа туҳликнаа биъазаабик, ва ъаафинаа қобла заалик» (Аллоҳим, ғазабинг билан бизни ўлдирма, азобинг билан ҳалок қилма ва бизга бундан (яъни жонимизни олишингдан) олдин офият бер) дер эдилар.
Имом Термизий ривоят қилганлар.
@arabicuz
2750. Ҳаққинг йўқ жойда тамаъ қилмаслигинг, қулинг бўлмаган кишига катта кетмаслигинг, заифга зарар етказиш ҳисобига кучлига ёрдам бермаслигинг, насл-насабли одамни эҳтиром қилинишдан тўсмаслигинг ҳақиқий мардликдир.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz
2748. Вафот қилганингда «Жасад қани?», «Мурда қаерда?» дейишади. Исмингни айтишмайди…
Жаноза намозингни ўқимоқчи бўлишганда «Тобутни ҳозирланглар», дейишади. Исмингни айтишмайди…
Дафн қилишаётганда «Маййитни олиб келинглар», дейишади. Исмингни айтишмайди…
Шундай экан, қавминг, мансабинг, наслу насабинг сени алдаб қўймасин.
Бу дунё нақадар ҳақирдир, биз йўл олаётган охират эса нақадар улкандир!
Гуноҳларимизни кечириб, мусулмон ҳолимизда вафот қилдиргин, Аллоҳим!
@arabicuz
2746. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо айтадилар:
«Юлдуз учса, унга қарамасликка ва: «Маа шаа`Аллоҳ, лаа қуввата иллаа биллааҳ» (Аллоҳнинг хоҳиши. Аллоҳдан бошқада қувват йўқ) дейишга буюрилганмиз».
Ибн Сунний ривояти
@arabicuz
2744. Ҳасан Басрий айтдилар:
Қалб олти нарса туфайли бузилади:
1. Тавба умидида гуноҳ қилиш;
2. Илм олиб, унга амал қилмаслик;
3. Амал қилиб, ихлосли бўлмаслик;
4. Аллоҳнинг ризқини еб, унга шукр қилмаслик;
5. Аллоҳнинг тақдирига рози бўлмаслик;
6. Ўликларни дафн қилиб, ибрат олмаслик.
@arabicuz
2742. Замонавий тиббиёт олимлари рўзани жароҳатсиз амалиёт деб аташади. Дарҳақиқат, рўза буйрак ва ўтдаги майда тошларни ҳайдаб, ҳалокатли шишларни муолажа қилади. Ундан ташқари, жигарни ҳам муолажа қилиб, унинг асл фаолиятини тиклайди. Тадқиқотчиларнинг айтишича, рўза жарроҳлик амалиёти билан эришиб бўлмайдиган ўта оғир, муаммоли, муҳим муолажаларда қўл келган.
Аллоҳ таоло: «Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир», деган (Бақара сураси, 184-оят).
@arabicuz
2740. Ёмонлик қилишга қодир бўлатуриб кечириш, камбағал бўлатуриб саховатли бўлиш ҳурматга сазовор ишларнинг энг гўзалидир. Улуғлик келтирадиган иш – амалнинг яхшиси, олқиш қозонтирадиган иш – истакнинг яхшисидир.
Ажабмас улуғлик мақомин олсанг,
Ёмонлик қилишга қурбинг етган дам.
Ночор рақибингни кечира олсанг,
Сахийлик қилолсанг, фақир бўлсанг ҳам!
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz
2738. Аъмаш роҳимаҳуллоҳ айтдилар:
«Биз жанозага қатнашар эдик. У ерда йиғловчилар кўплигидан кимнинг таъзияси эканини билмас эдик. Уларнинг йиғилари маййитга эмас, ўзлари учун бўларди».
@arabicuz
2736. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Шамол кучайса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма, лақҳан, лаа ақийман» (Аллоҳим, уни ёмғирли, сувсиз қилиб қўйма) дер эдилар.
Ибн Сунний ривояти
@arabicuz
2734. «Ньюкасл шаҳрига кўмир экспорт қилиш» деган бир латифа бор. Гап шундаки, бу шаҳарнинг ўзи кўмир экспорти билан машҳурдир. Руслар буни «Тулага самовар олиб бориш» дейишади. Ўрмонга ўтин кўтариб боргандек гап.
Бундан ҳам ҳайратланарли нарсани айтайми? Мендек бир ажамнинг рисолат эгалари бўлмиш арабларга Рамазон ҳақида гапираётганим ажабланарли эмасми?
Мен ўзимга-ўзим савол бераман: «Нима учун Рамазон ойи шамсий эмас, қамарий ойга қараб тутилади?» Жавоб шуки, Аллоҳ таоло инсонга йилнинг барча фаслларида рўза тутиш имконини берди. Агар рўза қуёш тақвимига мувофиқ тутилса, шимоллик мусулмон Рамазон рўзасини қийналмасдан қиш фаслида тутар, аммо жанублик мусулмон уни ёзда, қийинчиликда, машаққатда тутар эди. Қамарий тақвимда эса ҳар бир инсон рўзани гоҳ қишда, гоҳ ёзда тутади. Бу энг гўзал суратдаги айни адолатдир.
Аҳмад Дийдот роҳимаҳуллоҳ
@arabicuz
2732. Қалбинг Қуръондан таъсирланмаётган бўлса, нафсингни бир назорат қилиб қўй. Зеро, Аллоҳ «Агар ушбу Қуръонни тоққа нозил қилганимизда унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб, парчаланиб кетганини кўрар эдинг», деган (Ҳашр сураси, 21-оят).
@arabicuz
2730. Бошлиқнинг офати бошқарувнинг заифлигидир, олимларнинг офати эса бошлиқ бўлишни яхши кўришдир.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz
2756. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу момақалдироқ гумбурлаганини эшитсалар, гапдан тўхтаб, «Субҳааналлазий йусаббиҳур-роъду биҳамдиҳи вал малаикату мин хийфатиҳ» (Момақалдироқ ҳамд ила, фаришталар ҳам қўрқув ила тасбиҳ айтадиган Зотни поклаб ёд этаман) дер эдилар.
Имом Молик «Муваттоъ» китобида ривоят қилганлар.
@arabicuz
2754. Ҳақ талабидаги кишига битта далил кифоя. Ҳавои нафсига эргашган кишига мингта далил ҳам кифоя қилмайди. Жоҳилга бирон нарсани ўргатиш мумкин, аммо ҳавои нафсига эргашган кимсани тўғри йўлга солишнинг иложи йўқ!
@arabicuz
2752. Роббим! Сенинг Улуғлигингга, Азаматингга лойиқ дуолар қандай бўлишини билмаймиз. Аллоҳим! Қалбимизда нима борлигини Ўзинг биласан, ўша айтишга ожиз бўлган нарсаларимизни биздан қабул этиб, ижобат қилгин, Аллоҳим! Омийн!
@arabicuz
arabic.uz hikmatlar kanaliga ulaning
https://t.me/joinchat/AAAAADu5t7Z37MhhvVoqpA
2749. Кушойиш калитлари (мушкулотларнинг ечимлари):
1. Фотиҳа сурасини ўқиш.
2. «Аллоҳу, Аллоҳу Роббий, лаа ушрику биҳи шай`ан» калималарини ўқиш (Аллоҳ! Роббим Аллоҳ! Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайман).
3. «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанака, инний кунту миназ-золимийн» калималарини ўқиш («Ўзингдан ўзга илоҳ йўқ, Сени поклаб ёд этаман! Мен (ўз-ўзимга) зулм қилганлардан бўлиб қолдим»).
4. «Ҳасбуналлоҳу, ва ниъмал вакийл» калималарини ўқиш (Аллоҳга таваккул қилдик, У Зот нақадар улуғ Вакилдир).
5. «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ» калималарини ўқиш (Ҳол ва қувват фақат Аллоҳ биландир).
6. Кўп истиғфор айтиш.
7. «Лаа илааҳа иллаллоҳул ъазиймул ҳалийм. Лаа илааҳа иллаллоҳу Роббул ъаршил ъазийм. Лаа илааҳа иллаллоҳу Роббус-самааваати ва Роббул-арди ва Роббул-ъаршил карийм» калималарини ўқиш (Азим ва Ҳалийм Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Буюк Аршнинг Робби Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Осмонларнинг Робби ва Ернинг Робби, Карамли Аршнинг Робби Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ).
8. «Аллоҳумма, инний аъуузу бика минал ҳамми вал ҳазан, вал ъажзи вал касал, вал бухли вал жубн, ва золааъид-дайни, ғолабатир-рижаал» калималарини ўқиш (Аллоҳим, ғам-ташвишдан, ожизлик ва дангасаликдан, бахиллик ва қўрқоқликдан, қарзга ботиб қолишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан Ўзингдан паноҳ сўрайман).
9. «Йа Ҳаййу! Йа қоййуму! Лаа илааҳа илла анта» калималарини ўқиш (Эй Ҳайй ва Қайюм сифатли Роббим, Ўзингдан ўзга илоҳ йўқдир).
10. «Аллоҳумма, роҳматака аржу, фа лаа такилний илаа нафсий торфата ъайнин» калималарини ўқиш (Аллоҳим, раҳматингдан умидворман, мени кўз очиб юмгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўймагин).
@arabicuz
2747. «Мен Юсуфман, бу эса менинг иним!» (Юсуф сураси, 90-оят)
Юсуф алайҳиссалом: «Мен Мисрнинг каттасиман», демадилар. У зот ҳеч қандай сифат қўшмасдан, исмларини зикр қилдилар, холос.
Олийҳиммат зотлар буюклигича қолаверади, уларни мансабу мартабалар алдаб қўймайди!
Аллоҳ бизни ҳам, сизни ҳам пайғамбарларнинг ахлоқи билан зийнатласин!
@arabicuz
2745. Жидду жаҳднинг чиройлиси – чарчаган пайтдагисиддир. Ростгўйликнинг чиройлиси – ғазаб келган вақтидагисидир. Яхшиликнинг афзали – кулфатга учраганга берилган ёрдамдир.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz
2743. Кимки бир мусулмон биродарини ғийбат қилиб қўйса, зудлик билан ҳақиқий тавбага шошилсин. Ҳақиқий тавба қилинган гуноҳни илдизи билан суғуриб ташлаб, пушаймон бўлиш ва қайта такрорламасликдир. Ғийбатнинг каффорати эса ўзининг ва ғийбат қилинган кишининг ҳаққига қуйидагича истиғфор айтишдир: «Аллоҳуммағфир ланаа ва лаҳу» (Аллоҳим! Бизларни ҳам, уни ҳам мағфират қилгин).
Бу – ғийбат қилинган одамга хабар етиб бормагандаги ҳолатдир. Агар ўша кишига унинг ҳақида ғийбат қилингани етиб борган бўлса, унинг ўзидан шахсан кечирим сўралади. Валлоҳу аълам.
@arabicuz
2741. Анас ибн Молик ва Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бирор катта иш содир бўлса ёки қаттиқ шамол эсса, кўп такбир айтинглар, чунки бу қора тутунни узоқлаштиради».
Ибн Сунний ривояти
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Шамол эсса, Расулуллоҳ алайҳиссалом тиззаларини ерга қўйиб, «Аллоҳуммажъалҳаа роҳматан, ва лаа тажъалҳа ъазаабан. Аллоҳуммажъалҳаа рийааҳан, ва лаа тажъалҳаа рийҳан» (Аллоҳим, уни раҳмат айлагин, азоб қилмагин. Аллоҳим, уни осойишта қилгин, бўрон қилмагин) дер эдилар.
Имом Шофеъий «Ал-умм» китобларида ривоят қилганлар.
Аллоҳ таоло Ўз Китобида шундай дейди:
«Биз уларнинг устига давомли наҳс кунида бир даҳшатли бўронни юбордик» (Қамар сураси, 19-оят);
«Биз уларнинг устига туғмас (фойдаси йўқ) бўронни юборган эдик» (Ваз-зориёт сураси, 41-оят);
«Биз шамолларни (булутларга) ҳомиладор қилиб юбордик» (Ҳижр сураси, 22-оят);
«(Ёмғир ҳақида) хушхабар олиб келувчи шамолларни юбориши – У Зотнинг (илоҳий қудратига далолат қиладиган) оятларидандир» (Рум сураси, 46-оят).
Имом Шофеъий айтадилар: «Бир киши Расулуллоҳ алайҳиссаломга камбағаллигидан шикоят қилган эди, у зот: «Сен шамолни сўккансан шекилли» дедилар».
Имом Шофеъий ушбу ҳадиснинг шарҳида шундай деганлар: «Бирор кишига шамолни сўкиш жоиз эмас, чунки у Аллоҳга итоат қилувчи махлуқдир, У Зотнинг лашкарларидан биридир. Аллоҳ хоҳласа, уни раҳматга айлантириши, хоҳласа қасос, интиқомга айлантириши мумкин».
@arabicuz
2739. Шинқитий шундай дедилар:
«Неча кунлар ўтса-да, Аллоҳнинг китобидан бирор марта тиловат қилмаётганингни сезсанг, ҳолингга йиғлагин! Аллоҳга қасамки, бирор банданинг тоат-ибодатдан маҳрум қилиниши унинг Аллоҳдан узоқлашганини билдиради».
@arabicuz
2737. Фарзандингиз ёлғон сўзлаяптими? Бунинг ечими бор:
Уни бироз ўз ҳолига қўйинг, чунки бола қўрққанида ёки қаттиқ босим остида қолганида ёлғон гапиришга мажбур бўлади. Унга бироз омонлик беринг, шунда унинг наздида ростгўйликнинг қадри ортади.
@arabicuz
2735. Оғирроқ нарса йўқ билсанг миннатдан,
У гўё терингни шилганга ўхшар.
Юзинг терисини шилган неъматдан
Шод бўлма – юзингдан қимматга тушар!
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz
2733. Бир киши солиҳ зотдан: «Қуръондан қанча ўқий?» деб сўради. У зот «Саодатга эҳтиёжинг миқдорича», дедилар.
@arabicuz
2731. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Шамолни сўкманглар. Агар унда бирор кариҳ нарсани кўрсангиз, «Аллоҳумма, иннаа нас`алука мин хойри ҳаазиҳир-рийҳи ва хойри маа фийҳаа ва хойри маа умирот биҳи, ва наъуузу бика мин шарри ҳаазихир-рийҳи ва шарри маа фийҳаа ва шарри маа умирот биҳи» (Аллоҳим, Сендан шамолнинг яхшисини ва ундаги яхшиликларни ва у билан буюрилган нарсаларнинг яхшилигини сўрайман. Ва Сендан шамолнинг ёмонидан, ундаги ёмонликлардан ва у билан буюрилган ёмонликлардан паноҳ сўрайман) денглар».
Имом Термизий ривояти
@arabicuz
2729. Бир асалфуруш сиркафурушдан: «Бу одамларга нима бўлган ўзи, асал олмай, кўпроқ сирка олишади?», деб сўради. У шундай деди: «Мен сиркани асал тил билан сотаман, сен эса асални сирка тил билан сотасан».
@arabicuz