nosirjon_jorayev | Unsorted

Telegram-канал nosirjon_jorayev - Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

808

Носиржон ЖЎРАЕВ ижодига мансуб 📝 Шеърлар 🎙 Аудиолар 🎶 Мусиқалар 🎬 Кўрсатувлар t.me/Ijodiydavra

Subscribe to a channel

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

ҚАНОТ

Ўғлим Надимбекка

Худо ўзи бергай ҳаётга пардоз,
Унинг измидаги ҳар не чиройли.
Ажаб, одам бахтдан этсин деб парвоз,
Яратиб қўйибди осмондек жойни.

Шунча пайт шиддатим товонга чўккан
Бир ҳолда яшадим – эркимни бўғдим.
Энди хоҳлаганча учамиз кўкка,
Қанотим жуфт бўлди сен билан, ўғлим!


📆 2011 йил

Носиржон ЖЎРАЕВ

📚 ЭНГ ҚУДРАТЛИ ЗАРРА

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

#Mухлис_тайёрлади

👉/channel/Nosirjon_Jorayev👈

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

°  °  °
Энг мухтасар таржимаи ҳолим — ишқ,
Ҳеч таржима қилиб бўлмас ҳолим ишқ.

Ҳар ким шарҳлар бўлди қисмат хатимни,
Фарқламай севгию хизмат хатимни.

Ким кўзимда мунг кўрдию сесканди,
Бу мунг ҳечам кетмаслигин сезганди.

Менга — ҳаёт чархлаб қўйган қиличга —
Худо йўл қўймас қўрқоқлик қилишга.

Хаёлимни ўйлаганлар, ташаккур,
Ҳаётимни ўйнаганлар, ташаккур.

Севги. Висол. Ҳижрон. Умр йўлим шу
Бўлди. Қисқа таржимаи ҳолим шу.


📆 22.05.2020.

Носиржон ЖЎРАЕВ

📚 АКСИНЧА

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

#Мухлисга_савол

«Жиринглаган овоз тошойнак ғаладонидаги пардоз қутичасининг ичидан таралаётганди...»

Ушбу жумла Носиржон Жўраевнинг қайси насрий асаридан келтирилганини изоҳларда қолдиринг

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

​​@Nosirjon_Jorayev

ДЕНГИЗ

Эҳтимол тўфондир, тошқиндир балки —
Бехос денгиз босиб кирди хонамга.
Қоғозу қаламлар сув узра қалқди,
Мен ҳам улгурмадим ташлашга лангар.

Қоп-қора сув бўлди тўртта томоним,
Деворлар шўнғиди мавжлар тубига.
Мен эса, кўзимга кўринмай жоним,
Денгизга маҳлиё бўлгандим бу гал.

Нақ ўлим қошида турардим, баски,
Ҳаётимни босиб келарди хатар.
Аммо юрагимда бор эди таскин:
Ахир хонам катта эмас у қадар.

Элас-элас кўрдим чеҳрангни шунда,
Шовқинлар остида нимадир дединг.
Бир баҳя қолганда ғарқ бўлишимга,
Денгизни турмаклаб уйга жўнадинг.

Носиржон ЖЎРАЕВ

📚 МУҲАББАТДАН СЎНГ...

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

​​°   °   °

Қўлим чўзсам, дегайларки,
          бу гул нозик, бу гул нозик,
Бу гул ҳақда хаёл этмоқ
          бу гулдан ҳам тугул нозик.

Не бир мушкул ипи бирла
          дилимни боғлади бу гул,
Магар ечмоққа қасд этсам,
          ҳама банди чигил нозик.

Юзимга сув уриб лолман,
          яна бошга сочиб тупроқ,
Бўлурму деб наҳот шунча
          азалда обигил нозик.

Магар кўргансан оламда
          тугал нозик юмушларни,
Аё шоир, бу гул ҳақда
          десанг ҳам не дегил нозик.

Омонат турса-да жоним
          ажаб нозик замонларда,
Қўлим чўзмай десам гулга,
          кўнгул нозик, кўнгул нозик.

📆 28.07.2021

Носиржон ЖЎРАЕВ

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

​​ИМТИҲОН

Гўдакнинг ризқидан хирмон уяр ким,
Ким эса тириклик кўйида гўдак.
Гадони эрмаклаб лаззат туяр ким,
Кимлар рақс тушиб кўтарар этак.

Ким у ёнарқуртдан мунчоқлар ясаб,
Ердан ундирганин яширган элдан.
Мусофирхонада омонат яшаб,
Қайтишда наматни қўлтиқлаб келган.

Ерда бир фан қолди — илми ҳандаса,
Ҳар ким яшаш учун кенгроқ жой ўлчар.
Жиғилдон бандаси, қорин бандаси
Ҳануз кимлигини қилолмас мўлжал.

Бу шундай талотўп, шундай ур-йиқит,
Ким зўр, ким хўрлигин айтур замон бу.
Бомдод намозини ўқиган йигит
Шомгача бемалол айнир замон бу.

Наҳотки, ҳаёт шу — аввал нафс бериб,
Сўнг амал ёзилар ҳатто гўдакка.
Эҳтимол, худойим шундай дарс бериб,
Имтиҳон қиляпти яккама-якка...

Носиржон ЖЎРАЕВ

📚 МУҲАББАТДАН СЎНГ...

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

#Мухлисдан
#аудиошеър

Илтимос!
Эътибор беринг! Ёнимда
Баҳорга тадорик кўрган чаманлар!
Жуда кам вақт қолган ихтиёримда,
Жуда кўп ғам қолган менга, чамамда.

Аҳамият беринг зарур пайтда, бас,
Баҳорга тадорик кўрган чаманлар!
Кўкламга етмайди!
Кўкламга етмайди!
Кўкламга етмас
Мудраган руҳини уйғотмаганлар!

✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ

🎤 Гулруҳ ЭШОНҚУЛОВА

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

МУСЛИҲАГА

Анча бўлди, унутгандим ғунчаларнинг бўйини,
Қачон эди баҳор ёмғир сочиб – қилган ўйини.
Эслолмайман яқинларда янги кўнгил куйини,
Ҳаётимга гулу кўклам, наво келди сен билан,
Жаннатлардан ширин-ширин ҳаво келди сен билан.

Худойимнинг даргоҳида сочилганда марварид,
Бир донасин бизга атаб берди олам сарвари.
Кўзларимнинг ғуборини арит, кўзим гавҳари,
Гарду дардга тўлган дилга даво келди сен билан,
Жаннатлардан ширин-ширин ҳаво келди сен билан.

Бу дунёда ҳамма армон битта қизи йўқдамиш,
Сени бизга бериб тангрим, суйиб-суйиб йўқламиш.
Сени гулу мени боғбон этиб зўр иш юкламиш,
Энди боғу бўстонимга баҳо келди сен билан,
Жаннатлардан ширин-ширин ҳаво келди сен билан.

Ай, тасбеҳнинг донасидай кўзларингдан айланай,
Алла мағзин чақиб ётган кезларингдан айланай,
Менинг ҳам эсим киритган эсларингдан айланай,
Дадасига умр сўрар дуо келди сен билан,
Жаннатлардан ширин-ширин ҳаво келди сен билан.

Носиржон ЖЎРАЕВ

📚 ШАРҲ 📆 2015

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

​​@Nosirjon_Jorayev

МУБОЛАҒА

Бир мисра шеър каби қошларинг таранг,
Демак, сиёҳ берган қошларингга ранг.

Патқалам – киприклар сув олар ҳар дам
Кўзларинг – иккита довотларингдан.

Сарвдан ясалган хатчўп сингари
Эгилган зулфларинг ҳаргиз синмади.

Садаф тишинг янглиғ терилган сўзи –
Бетаҳрир битилган номадир юзинг.

Хулласи, кўнглимга келган будирсан:
Сен менга худонинг мактубидирсан.


Носиржон ЖЎРАЕВ
📚 ШАРҲ

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

#ХАЙРЛИ_ОҚШОМ

Қўшиқ шеър билан тирик, севимлидир. Сўзда дард бўлса, қўшиқ ҳам қалбга етиб боради. Шоирнинг 22 йил аввал ёзган шеъри 2 йил олдин куйга солинганди ва ажойиб клип ишланганди. Кўнгилни қитиқловчи ҳис-туйғулар ифодаланган мазкур таронани яна эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

Носиржон ЖЎРАЕВ
🎤
Шерали АБДУЛЛАЕВ

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

#Мухлисга_савол

Тақвим – ҳижрон учун тузилган жадвал,
Қатма-қат уйилиб борар сенсиз кун.
..

Бу сатрлар Носиржон Жўраевнинг қайси шеъридан олинган? 😊 Шу тўртлик давомини изоҳларда ёзиб қолдиринг✍

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

ЎКИНЧ

Синфдошларимга

Илк бор севги хатини
Очган мурғак юрагим,
Ўпиб ҳар бир қатини
Тошган ҳуркак юрагим,
Илғаб ҳароратини
Ўсган гулбарг юрагим,
Хат олмоқ роҳатини
Сезган бешак юрагим
Энди бефойда, бенаф
Қоғозлар ичра хайфдир,
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир!

Ўрик гулидай ҳарир,
Омонат кунлар кечди,
Ўрик гулидай бари
Шамол измида учди.
Сочга қировлар тушди,
Бошга синовлар тушди,
Унут кимнинг номлари –
Кимлар юракдан ўчди.
Энди кетган йиллар сарф –
Дўстларим каби сафдир.
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир!

Унда шовқин йўқ эди,
Майин куйлар ёдимда,
Унда тошқин йўқ эди,
Сокин сойлар ёдимда.
Бир хушбўйлар ёдимда,
Бир хушрўйлар ёдимда,
Унда шошқин йўқ эди,
Ҳазин ўйлар ёдимда.
Энди хотиралар соф,
Эсдаликлар – шарафдир.
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир!

У пайтлари шу қуёш
Ерга интиқ бўларди,
Ой бағримга қўйиб бош
Бирга иссиқ бўларди.
Менга тансиқ бўларди,
Сирга лиқ-лиқ бўларди,
Кеч англадим, у кўзёш
Нега илиқ бўларди?
Энди кечдир сўрмоқ авф,
Энди йўқламоқ – таҳқир.
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир.

Сунъий гул деб, кўзимга
Санъатни олис қилдим,
Боқмадим илдизимга –
Ҳолимни ҳолсиз қилдим.
Отамни ёлғиз қилдим,
Онамни ёлғиз қилдим,
Ўзим билмай ўзимга
Жаннатни олис қилдим.
Улар дуо тўлган кафт,
Улар туганмас тафтдир.
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир!

Тунлар тушимга кирган
Бир туп райҳон чайқалар,
Райҳон бўйли қиз берган
Мактуб ҳамон чайқалар.
Уйғонмасам на қилар!
Уйғонмасам на қилар!
Аммо онамдек келган
Туртиб нолон ой қарар.
Энди яшамоқ бир нав,
Уйғоқлик ҳам бир хавфдир.
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир!


📆 2015 йил

Носиржон ЖЎРАЕВ

📚 ШAРҲ

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

#ЯНГИ_ШЕЪР

ҚИРҚ БИРИНЧИ МАКТУБ

Нўноқмиди, жўнми, соддами,
Менинг хатим ҳамон ёддами?

Худди хазон япроқлар мисол
Сарғайган… лек эҳтиётдами?

Қай тахмоннинг қатидан олиб
Кўзга суриб, қалбинг ўтдами?

Тўрт букланган ўша хат билан
Жонинг ишққа эътиқоддами?

Шу хат қолди – икки энлик хат,
Мен шу хатни соғиндим беҳад!

Умрим – борим қоғоздек ёнди
Ва шеър бўлдим, олам ишонди.

Лекин ўзим кўнмайман ҳамон,
Ахир шеърмас, севгига томон

Боргунимча… жим турди ҳаёт,
Сўнг бетимга мушт урди ҳаёт.

Бу хатлардан кетдим, ёддами,
Афсус, умрим фақат хатдами…

📆 22.05.2025.

Носиржон ЖЎРАЕВ

👉 «Facebook»да ҳам ўқиш ва улашиш учун 👈

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

#Xушхабар_фахр

КЕЙИНГИ МАНЗИЛ NEW YORK!

Жамолиддинов Шоҳидбек Носиржон ўғли.
Жамолиддинов Надимбек Носиржон ўғли.

Бу икки азамат Ўзбекистонда ўтказилган халқаро Copernicus олимпиасида қатнашиб, финал йўлланмасини қўлга киритишди. Финал эса АҚШнинг Colombia университетида.

Раҳмат, йигитлар!

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

​​• • •

Тангрим, изн бер, бундан буён
Шамол каби ҳур тақдир бўлай.
Қандай бўлсам шундай намоён –
Ўзи билан сўзи бир бўлай.

Ранг қолмас айтилган изҳорда,
Ҳар ҳужайрам турсин оҳорда.
Ўзим асло билмаган ҳолда
Кимдир дилга кўмган сир бўлай.

Кўзга сохта кўз ёш оларми –
Кўздан олис қил ўшаларни.
Кўрмай арзон томошаларни,
Кўр бўлай, кўр бўлай, кўр бўлай.

Ошиқ этгин барча ошиқдан,
Томиримни узмагин ишқдан.
Бахт ҳақида ёлғон қўшиқдан,
Ҳижрон ҳақда ростгўй шеър бўлай.

📆 30.10.2018.

Носиржон ЖЎРАЕВ

📚 АКСИНЧА

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

#Муаллиф_ўқиди

* * *
Қора қаҳва.
Оппоқ дастурхон.
Қиш тўшалган ҳозир олдимга.
Тақдир отли муҳим дастурдан
Чиқиб,
кетолмайман олдингга.

Кўчалар муз,
манглайи силлиқ.
Боғни кўмган қорлар шиддати.
Биз умиддек
шартта кесилдик,
Битмай туриб соғинч муддати.

Деразангни ланг очасан – қиш.
Қор илинар кипригингга – хат.
Уй ичингга бошқатдан қайтиш
Шартдир беҳис ва
бемуҳаббат!

Мен қаҳвадек аччиқ додингни
Кўксим ичра ёзганман бошдан.
Бироқ,
сен ҳеч зерикмадингми
Хаёл ва шеър бўлиб яшашдан?

📆 3.12.2024.

Носиржон ЖЎРАЕВ

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

​​@Nosirjon_Jorayev

• • •

Оқ кўйлак ва шойи бўйинбоғ.
Кетдим. Кутар ҳаёт — ўйингоҳ.

Билагимни қақшатар соат,
Унга сўзсиз қилдим итоат.

Ўтмиш бўлди сен билан боғлиқ
Тунлар мени қийнаган оғриқ.

Ҳар кун битта оқ соч, бир ажин
Кўпаяди. Сезаман ва жим

Кўникаман. Ҳижрон — бешафқат.
Сигарет ва хаёл бор фақат.

Мен тақдирга боқдим интизор,
Лекин тақдир — қатъий интизом.

Ҳаёт ҳамон ғирром ўйингоҳ,
Ҳаёт мен кутгандан ўйинроқ!

Тушун, бир бор жон тикдим, хайр.
Мен саҳнангдан зерикдим, хайр.

📆
24.04.2020.

Носиржон ЖЎРАЕВ

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

#Муаллиф_ўқиди

* * *
Қор – хотира,
қатма-қат тушган.
Истайсанми-йўқми, эрийди.
Хунобсан,
ажратиб ололмай тушдан
кўксингда жизиллаб турган ерингни.

Қор эрийди –
милдир-милдир мавж,
Хотиралар оқар пойингда.
Сен ўзингга боқасан аянч –
Юрагинг йўқ,
ақлинг жойида!

Ва даҳшатдан кўкарар лабинг
Бўм-бўш,
руҳсиз кўксингга қараб,
Худди чирс-чирс гулханлар каби
Энди сенда жизилламас қалб!

Ҳаёт – чилп-чилп эриётган қор,
Тушга кўчгинг келади,
шунда
хотирамга қайтасан илк бор,
Сен бахтлироқ эдинг тушингда...

📆 16.12.2024.

Носиржон ЖЎРАЕВ

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

СУҲБАТ

Кўзим тушса қуруқ ўтин боғламига,
Хўрсиниб қарайман дунё боғларига.

Қачон кўрсам ёқавайрон кўйлакларни,
Соғинаман ҳаёт исли йўргакларни.

Кимдир йиғлаб ўтса нола-афғон билан,
Аллаларни эслагайман армон билан.

Милтилласа ногоҳ бир чўғ эски кулдан,
Хаёлимда чарсиллайди баланд гулхан.

Дарахтларнинг учса заъфарон барглари,
Куртаклари ёдга келар, куртаклари.

Ва ниҳоят, қачон кўрсам оқ сочларни,
Қўмсагайман қўнғироқ, сиёҳ сочларни.

Худди шундай, тарихи бор ҳар нарсанинг,
Ҳаётингда тасодифмас булар сенинг.

Энди ўзинг изоҳлаб кўр бу нафратни,
Муҳаббатни тушунгайсан, муҳаббатни.

✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ
📚 ШAРҲ

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

#Айём_муборак

ҲАЙИТ

Бу кун ҳар мўминга зарраи эъзоз,
Бу кун қадр топди курраи замин.
Кўнгилда айланар сураи ихлос,
Илоҳо омин, илоҳо омин.

Ҳар битта хонақо, ҳар битта ҳужра...
Ниятлар жам бўлди жойнамоз узра.
Бугун йиғлаш мумкин хаёлни бузмай,
Илоҳо омин, илоҳо омин.

Ўйинқароқ, яланг-юпун болалар,
Юзида гарди йўқ дуркун болалар,
Асли сиз ҳаммадан мўмин, болалар,
Илоҳо омин, илоҳо омин.

Иймон танламайди гадо деб, шоҳ деб —
Гина сақламанг, дўст, эски бир доғ деб.
Қўлимни узатдим раҳматуллоҳ деб,
Илоҳо омин, илоҳо омин.


✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ

📚 МУҲАББАТДАН СЎНГ...

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

***

Гул очилар...
Оддий ҳол.
Баҳор келди, ёз келди.

Нур сочилар
Бемалол,
Бу ҳам шунга мос келди.

Ариқларда сув –
Ҳаёт –
Лойқаланган. Оддий ҳол.

Шундан сув ичар
Наҳот
Ҳеч бир айби йўқ ниҳол?!

Носиржон ЖЎРАЕВ

📚 ШАРҲ

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

БОДОМ ГУЛЛАРИДЕК...

Бодом гулларидек ҳилвироқ ва оқ,
Юрак билан шамолларга юзландим.
Мушт тугсам – куртакдир, кафт ёзсам – япроқ,
Баҳор бўлиб чаманларга юзландим.

Ҳар бир ҳужайрамга нур қадаб қуёш,
Кейин ўзимни ўзим нур атаб қуёш,
Қошимда ўлтирар боадаб қуёш,
Мен шу ёруғ томонларга юзландим.

Бодом гулларидек бисёр ва бир хил
Кунларга ранг бермоқ бўлмайди енгил.
Эй Худо, тилимни дилимга бир қил,
Нажот сўраб осмонларга юзландим.

Ҳаёт – Одам Ато ном қўйган майдон,
Балки бу майдонда қадамим майда.
Лек ўтмишим дилда, эртам манглайда,
Бугун ҳамма замонларга юзландим.

Носиржон ЖЎРАЕВ

📚 МУҲАББАТДАН СЎНГ...

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

#Муаллиф_ўқиди

* * *
Илтимос!
Эътибор беринг! Ёнимда
Баҳорга тадорик кўрган чаманлар!
Жуда кам вақт қолган ихтиёримда,
Жуда кўп ғам қолган менга, чамамда.

Мен тартибли одам –
Эрта-кеч ишда,
Сизлар истаган пайт гуллаб-яшнайсиз!
Мен фақат шеърларда куйлаган ишқда
Сиз ҳар куни яшайсиз...

Субҳидам руҳимни автога қамаб,
Уйдан идорамга судрайман мудом.
У вазмин хўрсинар ҳолимга қараб,
Мен унга ўксийман ҳаёт номидан.

Кўчада кўнгил йўқ – савлатлар қуруқ,
Яна тафаккур йўқ – каллалар, лошлар.
Севги йўқ, ишонч йўқ, ваъдалар қуюқ,
Қалблар қайга кетди?
Қаерда бошлар?

Беғам оломон бор,
Бешафқат йўл бор,
Орқа-ўнгига бир қараган кас йўқ!
Бир шоир ўлароқ осмонга ёлбор!
Осмон жим,
Осмон жим,
Умидбахш сас йўқ!

Энди муҳаббат йўқ, шаҳватлар қолган,
Шиор тўқиш билан банд энди виждон.
Тамшаниб содда халқ топган мақолга,
Шоирлар қайтади ишдан.

Аҳамият беринг зарур пайтда, бас,
Баҳорга тадорик кўрган чаманлар!
Кўкламга етмайди!
Кўкламга етмайди!
Кўкламга етмас
Мудраган руҳини уйғотмаганлар!

📆 14.01.2025

✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

***
Бу дарахтлар – яшил соябон,
Қуёш тиғи санчилмас бошга.
Қара, ҳамма менга меҳрибон
Бир сендан бошқа.

Йўлларини кенг очиб шаҳар,
Гуллар қадаб чиқади тошга.
Қара, ҳамма кўнглимга қарар
Бир сендан бошқа.

Ҳаёт (балки дидга кўрами?)
Янги ҳислар берар яшашга!
Қара, ҳамма яхши кўради
Бир сендан бошқа.

Сен эса, сен... Тилга сўз келмас –
Ҳайронман нима деб аташга.
Ҳеч ким мени севишни билмас
Бир сендан бошқа.

Носиржон ЖЎРАЕВ

📚 АКСИНЧА

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

ҲИЖРОННИНГ ҲАР КУНИ...

Тақвим – ҳижрон учун тузилган жадвал,
Қатма-қат уйилиб борар сенсиз кун.
Билмадим, ким эдим севмасдан аввал,
Одамга айландим муҳаббатдан сўнг.

Ҳижроннинг ҳар куни қонга юқаркан,
Алвон рангга кирди ўн икки ойим.
Менинг ўтмишимни йўққа чиқарган
Тақвимга лаънатлар бўлсин, илойим!

Кузнинг хазонини кўрмадик бирга,
Елкамни қор босса, ўзим қоқиндим.
Худо азоб қилиб ҳар куни берган
Ҳар гулнинг ҳидида сени соғиндим.

Ниҳоят, кўз юмди энг сўнгги учқун,
Умидлар тирилмас хато ҳаққига.
Вақтидан кечиккан тўғри сўз учун
Қасам ичмай қўйдим худо ҳаққига.

Ёлғиз бормоқдаман оппоқ туманда,
Кафтим орқасига кўзёшим артиб.
Эслаш, соғинишдан безган замонда
Менинг ўтмишимни ким тушунарди...

Носиржон ЖЎРАЕВ

📚 МУҲАББАТДАН СЎНГ...

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

​​​НАМАНГАН

Ҳар гал қайтганимда бу қора ерга,
Шаҳар оқ яктакда қошимга чиқар.
Чуқур син солади менга билдирмай,
Бошимдан ўтганин кўзимдан уқар.

Мен эса зил кетиб бораман, яъни
Кўксимга қўрғошин қуйилётгандай.
Соғиндим деганим, келдим деганим
Унга миннат бўлиб туюлётгандай.

Наманган – онамга ўхшаган шаҳар,
Онамдек яшириб ўтдинг дардингни.
Ўғлинг келяпти деб эшитган маҳал
Рўмолинг учига ёшинг артдингми?

Боқсам, юзингдаги қуюқ ажиндан
Бўлак-бўлак бўлиб илғанар тарих.
Жангда арқон учун кесган сочингдай
Қорадарё бўлиб тўлғонар тарих.

Патқаламда қўйиб гажакдор имзо,
Фитналар тузганда Аҳмад Танбаллар,
Ахси қирларидан Умаршайх Мирзо
Ҳар кун қулаб тушар юрак чангаллаб.

Мулла Бозор Охунд – кўҳна пирхона,
Қанча авлиёга мударрис, устоз.
Шикоятхонамас, шоир, шеърхона
Бўлган кунларингда яйраганинг рост.

Қайси бир муаззам, қутлуғ саҳарда
Худо ихлос билан қорган зувала.
Шунданми, ҳар куни Эски шаҳардан –
Бомдоддан қайтади Машраб бувалар.

Бугун икки қадам биз билан Сибир,
Бориб-қайтиш мумкин бир кун ичида.
Аммо ҳануз Усмон йўл қарар дилгир,
Туйнукдан термулиб оёқ учида.

Ҳаёт қайта-қайта яшарар экан,
Такрор-такрор орзу тўларкан дилга.
Бугун олийгоҳга қатнаган укам
Ибрат домла бўлиб кўринар менга.

Наманган – мен учун бир умрлик йўл,
Наманган, мен учун барҳаёт гулсан.
Онажон, мен энди улғайган ўғил,
Кўзёшинг яширма ёнингга келсам!

Носиржон ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

#САНА

Бугун 22 май – севимли шоиримиз ва ҳурматли устозимиз Носиржон ЖЎРАЕВнинг таваллуд айёми! Шу муносабат билан каналимиз аъзолари ҳамда барча мухлислар номидан уларни самимий табриклаймиз😊

Ижодкорнинг «Улғайиш кунлари», «Муҳаббатдан сўнг…», «Энг қудратли зарра», «Шарҳ», «Мангулик кемаси», «Ноябрь куйи», «Аксинча», турк тилидаги «Ҳасратнинг шакли» («Hasretin şekli») шеърий, насрий китоблари нашр этилган. Шоир «Шуҳрат» (2018), «Аҳмад Яссавий» (2023) медаллари билан тақдирланган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

* * *
Кўк қиличдек чархлар чақмоқларини,
Сўнг сермар қонимга чанқоқларини.
Мен шу осмонларга бошимни бердим,
Ҳис қилиб тириклик чарчоқларини.

Гул-япроқ деганим тупроқ бўлдилар,
Қанча сочган сарим тўпроқ бўлдилар.
Мен шу ёлғонларга бошимни бердим,
Бошимда тупроқлар кўпроқ бўлдилар.

Ҳувиллаган шаҳар, қартайган қишлоқ,
Икки манзилим ҳам бугун хомушроқ.
Мен шу маконларга бошимни бердим,
Билмадим, қай бирин дийдаси бўшроқ.

Кун бўйи дунёдан, тунлар Худодан
Бахт сўраш илмини олдим гадодан.
Мен шу армонларга бошимни бердим,
Қайта келмоқчиман ҳув ибтидодан.


📆 02.05.2020.

✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ

Читать полностью…

Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal

#Мухлис_ижроси
#видеошеър

... Намунча ўзингга муҳтож қилмасанг,
Сен Худомассан-ку, Худомассан-ку!

Носиржон ЖЎРАЕВ

🎙 Хоразмлик ижодкор Маҳлиё КАРИМОВА ўқиган

Читать полностью…
Subscribe to a channel